Сайт тест режимида ишламоқда

Янгиликлар

.

УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ ДИРЕКТОРЛАРИГА МЕНЕЖЕРЛИК СЕРТИФИКАТИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ

24 октябрь 2023 йил
image

2023 йил 14 сентябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали — regulation.gov.uz га Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилган.

Қарор лойиҳасига асосан:

• 2024 йил 1 январдан бошлаб А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институтида умумий ўрта таълим муассасалари директор лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва ишлаб чиқиладиган махсус портал (edumanager.uz) орқали уларга давлат намунасидаги менежерлик сертификатини электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган электрон шаклда бериш тизимини жорий қилинади;

• Менежерлик сертификатига эга номзодлар ичидан мактаб директорлари захираси шакллантирилади ва мактаб директорларининг вакант лавозимларига номзодлар фақат сертификати мавжуд ва захирага киритилган кадрлар орасидан танлаб олинади;

• Менежерлик ўқув курслари тўғрисидаги маълумотлар махсус порталга жойлаштирилади ва номзодлар мазкур портал орқали электрон тарзда рўйхатдан ўтади, менежерлик ўқув курсида ўқиш учун ариза топширади (бунда, номзодлар камида бакалавр даражасига ҳамда таълим соҳасида беш йиллик педагогик иш стажига эга бўлиши шарт);

• Менежерлик ўқув курсларини муваффақиятли тугатган номзодлар менежерлик сертификатини бериш бўйича якуний синовларга қўйилади. Номзод якуний синов ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумотга ўзининг шахсий кабинети орқали эга бўлади;

• Якуний синов топшириқлари жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларини аниқлаш йўналишларида ишлаб чиқилади ҳамда 25 та тест, кейс ҳамда амалий топшириқлардан иборат бўлади;

• Номзодларнинг якуний синов натижалари синовлар ўтказилган куни махсус портал орқали эълон қилинади;

• Менежерлик сертификати 5 йил давомида амал қилади.

 Қарор лойиҳасига кўра, Низом талаблари қуйидаги умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимларига татбиқ этилмайди:

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари;

жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари;

санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар;

алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар.

 

(Қарор лойиҳаси муҳокамаси 2023 йил 29 сентябрь куни тўхтатилган)

 

Батафсил: https://uzedu.uz/uz/news/1304

jizzaxvxtb@mail.ru
@xtbjizzax
@jizzaxvxtbax
/xtbjizzax