Янгиликлар
Билимлар куни – янги орзулар сари эшик
2 сентябрь 2025 йил
Бугун Жиззах шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби саҳнида билим ва маърифат тантанаси янгради. Қўнғироқ садоси дарсларни эмас, балки эзгу ниятлар, юксак марралар ва ёрқин орзуларни ҳам чорлаб янгради.
Байрам тадбирида Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Санобар Суярова ҳам иштирок этиб, илк бор мактаб остонасидан қадам қўйган кичкинтойларни, билимга чанқоқ ўқувчиларга ва уларни тарбиялаб келаётган устозларга вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг байрам табригини йўллади.
Тадбирда ўқувчилар томонидан бадиий чиқишлар йиғилганларга намойиш этилди. Шундан сўнг, қалбларга ҳаяжон солувчи биринчи қўнғироқ садолари янграб, барча ўқувчилар ўқув йилининг дастлабки дарси саналган "Келажак соати" дарсларини бошладилар.
Бошқарма бошлиғи мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган ўғил-қизлар билан учрашиб, улар билан самимий суҳбатда бўлди. Шундан сўнг, мактабнинг 9-синф ўқувчилари билан ҳам учрашар экан, бошқарма бошлиғи ёшларнинг орзу-мақсадлари, келажак режалари билан қизиқди. Ўқувчи ёшлар самимий суҳбатларда эришган ютуқлари ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.
Янги ўқув йили – янги имкониятлар, янги ютуқлар ва янги зафарлар демакдир. Ҳар бир ўқувчининг дафтарига ёзилган илк сатр бахтли келажакнинг дебочаси бўлсин!
Жиззах вилояти мактабгача ва матаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати